Нега унинг изланишлари орадан 1000 йил ўтган бўлса-да, ҳалиям долзарб? Озарбайжонда сақланаётган ибн Сино афсонавий қўлёзмаси нусхасининг ўзига хослиги нимада?
“Билингки, табиатига, ёшига, фаслга мос келадиган касаллик фақат муҳим сабаб туфайли юзага келадиган касалликдан камроқ хавфлидир. Шуни ҳам билиб қўйинг: ҳар бир фасл касаллиги йилнинг қарама-қарши фаслида ўтиб кетишига умид қилиш мумкин.
Билингки, бошқа касалликларга ўтадиган касалликлар бор, шу билан бирга сўнггиси чиқиб кетади бунда яхшилик бор. Шундай қилиб, бир касаллик бошқа [бир қанча] касалликлардан халос қилади”.
Антик даврнинг энг машҳур табиби бўлган ибн Синонинг ушбу ва бошқа доно маслаҳатларини афсонавий “Тиб қонунлари” асарида топиш мумкин. Китоб 17-асргача барча шифокорлар учун асосий қўлланма бўлди. Ва 2600 та дорининг баъзилари бугунги кунда ҳам долзарбдир. Ибн Сино 20 йилдан ортиқ давр мобайнидан 5 жилдли китоб ёзган. Замон нотинч бўлгани учун ибн Сино кўчиб юришга мажбур бўлди. Асарларининг асосий қисмини эса эгар устида ёзган.
Ушбу ажойиб қўлёзманинг асл нусхаси сақланиб қолган ёки қолмаганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Олимлар ҳали ҳам бу жумбоқни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо асарнинг кўплаб нусхалари, шунингдек, дунёнинг ўнлаб тилларига таржималари мавжуд.
Энг қадимги ва қимматли нусхалардан бири ҳозир Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида сақланаётган “Ал-Қонун фит-Тибб”нинг II жилди нусхасидир.
Қўлёзма “Жаҳон хотираси” – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича дастури, (ЮНEСКО) жаҳон ҳужжатли меросини муҳофаза қилиш бўйича реестрига киритилган. Ҳозирда мазкур реестрга 300 га яқин ҳужжатлар киритилган. Улар орасида буюк табиб Ибн Сино асарининг юқорида тилга олинган нусхаси билан бир қаторда Усмон Қуръони ва Ал-Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалари фондини ҳам ўз ичига олган.
“Жаҳон хотираси” реестрида Ибн Сино қўлёзмасига қуйидагича таъриф берилган:
Шарқнинг буюк олими Абу Али Ибн Синонинг “Ал-Қонун фит-тиб” асарининг иккинчи жилди қўлёзмаси ўзининг қадимийлиги ва мукаммаллиги билан китобхонлар эътиборини тортади. У 1143 йилда кўчирилган.190 бетлик китобнинг ўлчами 24х15 см, матн ҳажми 18х11 см. Ҳар бир саҳифа 18–20 қатордан иборат. Матн қора сиёҳда, дастхати аниқ-равшан, ҳар бир боб сарлавҳалари, доривор ўсимликларнинг номлари қизил сиёҳ билан ёзилган.
Ажойиб қўлёзма ҳақида бизга нималар маълум?
Абу Али ибн Синонинг жаҳонга машҳур “Тиб қонунлари” асарининг II жилди 1143 йилда қайта ёзилган энг қадимги нусхаларидан биридир. Ушбу жилдда ибн Сино турли касалликлар, уларнинг белгиларини, шунингдек, диагностика ва даволаш усулларини тасвирлаб берди.
“Ёзувчи вафотидан 104 йил ўтиб, Бағдодда насх қўлёзмасида кўчирилган қўлёзма дунёдаги энг кам учрайдиган қўлёзмалардан биридир. 20-асрнинг 80 йилларида ибн Синонинг ушбу асари илмий-танқидий матнини тузган ўзбек олимлари Боку қўлёзмасининг иккинчи жилдини асос қилиб олдилар”, - дейди Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти илмий котиби Азизоға Нажанов.
Ўзбекистон маданияти ва санъати, унинг мероси билан қизиққан ҳар бир киши ушбу энг нодир қўлёзмани яқин келажакда “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” номли суратли нашр саҳифаларида кўриш имкониятига эга бўлади.
Китобда Абу Али ибн Синонинг “Ал-Қонун фит-Тибб” (II жилд) қўлёзмасидан ташқари, араб, форс, ўзбек олимлари, шоирлари, маданият арбобларининг 90 га яқин қўлёзма нусхалари ҳақида ҳам маълумот берилган. Булар Алишер Навоий, Бобур, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Улуғбек, Жомий асарларидир.
Бу мерос дурдоналари қаторида Амир Темурнинг она томондан бобоси Садр аш-шариат ул-аввал Убайдаллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий ал-Бухорийнинг 1512 йилда қайта ёзилган “Виқоя ар-ривоя” асарининг нусхаси ҳам бор. Амир Темурнинг набираси Улуғбекнинг 1688 йилда қайта ёзилган “Зиж-и Кўрағоний” асари, Бобурийлар салтанатининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг «Бобурнома» асари қўлёзмасининг XVII асрда қайта ёзилган нусхаси ҳам бор.
Нашрдан Озарбайжон Миллий фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги қўлёзмалар институтининг қимматли қўлёзмаларидан ташқари Озарбайжон Миллий тарихи музейи, Озарбайжон Миллий санъат музейи ва Миллий гилам музейининг ноёб экспонатлари ҳам ўрин олган.