Пойтахтимизда “Ўзбекистон маданий мероси – янги Уйғониш даври пойдевори” Бутунжаҳон жамиятининг V юбилей Конгресси якунланди.
Конгресс учун “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумида 15 та янги китоб-альбомлар тайёрланди. Ушбу туркумдаги китобларнинг умумий сони элликтага етди. Лойиҳа доирасида Ҳиндистоннинг Бобурийлар даври меъморий ёдгорликларидаги эпиграфик ёзувларга бағишланган жилдни тайёрлаш бўйича ишларнинг якунлангани Конгресснинг ўзига хос ютуғи бўлди. Ушбу жилд “Ўзбекистон меъморий эпиграфияси” туркумининг давоми бўлиб, нафақат мамлакатимиз, балки хориждаги обидалар билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишларининг рамзий бошланишидир. Биринчи жилд устида олиб борилган ишлар якунига кўра, умумий маданий меросимизни, яъни Қозоғистон ва Эрон ёдгорликларида сақланиб қолган эпиграфик манбаларни, масалан, Темурийлар даври Эрон меъморчилигини ўрганиш ишларини бошлашга қарор қилинди.
Бундан ташқари, яна 6 та совға альбоми нашр этилди. Улар орасида ранг-баранг иллюстрацияли китоблар бор: улардан 4 жилди Ўзбекистон санъати дурдоналарига, 1 та расмли альбом Риштон кулолчилигига ва яна 1 та альбом Камолиддин Беҳзод миниатюраларига бағишланган.
Конгресс доирасида ўнга яқин китоб-альбомлар тақдимотига бағишланган ноёб кўргазмалар тайёрланди. “К.Беҳзод миниатюралари” фотокўргазмаси, Жалол Усмоновнинг “Тафаккур метафизикаси” расмлар кўргазмаси ва мультимедиа лойиҳаси, археолог, Ўрта Осиё маданияти тадқиқотчиси Леон Семёнович Баршевскийнинг “Ўзбекистоннинг ажойиб қўлёзмалари фотокўргазмаси, “Ўзбекистон тарихи фотосуратларда – ўтмишни кашф этиш” фотокўргазмаси, Риштон кулолчилик буюмлари эксклюзив кўргазмаси, шунингдек, “Замонавий илм-фанда 3D технологиялар” махсус экспозицияси – Шаҳрисабз ва Самарқанд ёдгорликларига виртуал саёҳат – шулар жумласидан.
Конгресснинг 12 секцияси ишида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 250 дан ортиқ олимлар иштирок этди. Улардан 9 нафари академик, 63 нафари фан доктори, 66 нафари профессор, 28 нафари доцент ва 28 нафари фан номзоди, 40 нафардан ортиғи музей, кутубхона, илмий ташкилотлар раҳбарларидир. Тошкентда 100 га яқин ҳисобот тингланди. Шунингдек, Бутунжаҳон жамияти олимлари Хива ва Нукусда бўлиб ўтадиган Халқаро форум ва маданий мерос ҳафталигининг секция йиғилишларида иштирок этади. Улар амалга оширилган ишларга ҳамда Бутунжаҳон жамиятининг келажак учун белгиланган режаларига бағишланган.
Конгресснинг шов-шувли воқеаси буюк ҳукмдор Мирзо Улуғбек буйруғи билан яратилган “Ўзгармас юлдузлар китоби” факсимиле нашрининг тақдимоти бўлди. Ноёб факсимиле нусха Австриянинг Mueller&Shindler нашриёти томонидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда яратилган. Ушбу қўлёзма Франция Миллий кутубхонаси фондида сақланмоқда. Бу энг йирик қадимий қўлёзмаларнинг еттинчи факсимиле (кўчирма) нашридир.
Конгрессни ёритиш учун 30 дан ортиқ хорижий ОАВ, 50 дан ортиқ маҳаллий ОАВ жам бўлди. Айни пайтда Конгресс фаолиятига оид 200 га яқин материаллар хорижий ва маҳаллий нашрларда чоп этилган.
Конгресс иштирокчилари, Бутунжаҳон жамияти аъзолари лойиҳанинг истиқболдаги режаларини баён қилдилар. Хориж коллекциялари – Украинанинг Ханенко музейи, Россия Давлат Эрмитажи, Венгрия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлардаги музей ва кутубхоналарда ҳамда Хитойдаги илмий тўпламларда сақланаётган маданий манбаларимизга бағишланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги янги китоб-альбомларни чоп этиш шулар жумласидандир.
Шунингдек, Бухоро ва Термиз музейларининг маданий меросига оид китоб-альбомлар устида иш олиб бориш режалаштирилган ва “Ўрта Осиёнинг қадимий даврлардан то ХХ асргача бўлган картографик тасвирлар тарихи” лойиҳаси устида иш олиб борилади.