Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мақсад қилган.
Шу боис, Марказ томонидан бир неча босқичда унинг контентини бойитишда хорижлик ва маҳаллий олимлар иштирокида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 18-26 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги хамкорлигида ўтказилган «Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар» мавзусида халқаро маданий мерос ҳафталигининг асосий мақсади ҳам, Ислом цивилизацияси маркази концепциясини бойитишда миллий ва хорижий олимлар ҳамкорлигидаги илмий лойиҳаларни амалга оширишни янги босқичга кўтариш, Ўзбекистон маданий меросини халқаро майдонда тарғиб этишга қаратилди.
Баҳром Абдуалимов- ЎзФА вице президенти, Шарқшунослик институти директори, Кенгайтирилган илмий Кенгаш аъзоси.
-Ярим йил давомида Ислом цивилизацияси маркази жуда фаоллашди. Бу ғоя Президент эътибори билан давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис, миллий ва хорижий олимларни бирлаштирди, деган эътирофларни халқаро маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларидан эшитдик. Ҳақиқатдан ҳам, Ислом цивилизацияси маркази катта академик ғоялар маскани, илмий-тадқиқот муасссага айланяпти. Яқин-яқингача ҳам олимлар ўртасида марказнинг биноси тайёр бўп қолди, лекин контенти тайёр эмас деган фикрлар бўлган. Бу ўша пайтлари қайсидир маънода асосли эди. Лекин, халқаро маданий мероси ҳафталигида иштирок этган Буюк Британиядаги Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори Фараҳ Аҳмад Низами марказ фаолияти билан танишиб, бинодан кўра марказ контенти ранг-баранг ва бой эканлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар ҳам бор. Биз уларни давлат буюртмаси деб ҳам қабул қилишимиз керак. Шу жиҳатларни ҳисобга олсак ЎзФАнинг барча етакчи олимлари Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилишга, янгидан-янги лойиҳалар устида ишлашга доим тайёр.