Темурийлар даврига саёҳат

Темурийлар даврига саёҳат

23 октябрь куни Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистонг маданий мероси Халқаро ҳафталиги доирасида «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусида 20 та давлатдан ташриф буюрган 200 нафар олимлар иштирокида  Халқаро конференциялар ва ноёб кўргазмалар бўлиб ўтди…

Куннинг биринчи ярмида Давлат Темурийлар тарихи музейида «Темурийлар тарихи давлат музейининг нумизматика коллекцияси» кўргазмаси очилди. Экспозицияда Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даврида чиқарилган ноёб тангалар намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг энг қадимий музейи — Ўзбекистон тарихи давлат музейи Тошкент шаҳар филиалида археология ва этнография дурдоналари кўргазмаси очилди. Шунингдек, музейда «Темурийлар даврига саёҳат» номли халқаро конференция ўтказилди.

Тадбирда Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент Хуршид Файзиев ва Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухаликов қутлов сўзи билан чиқиш қилишди.

Хуршид Файзиев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори:

 — Мана бугун Темурийлар тарихи давлат музейида Ҳалқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида “Темурийлар даврига саёҳат” номли Форум ўтказилмоқда. Албатта, бу Форумда нафақат, маҳаллий темуршунос олимлар, балки хориждан келган шу давр тарихи, маданияти ва санъати билан шуғулланувчи тадқиқот олиб борувчи бир қатор олимлар иштирок этишмоқда. Яна бир муҳим воқеалардан бири бу – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш масаласи, албатта бу муҳтарам Президентимизнинг ғоялари, ташаббуслари билан амалга оширилаётган жараён, тарихий бир воқеа. Шу йўналишда бизнинг Форумда нафақат темурийлар даври бўйича маърузалар тингланмоқда, балки Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш, унинг контентини янада мазмунли қилиш мақсадида хорижлик олимлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий лойиҳаларнинг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтмоқда. 

Кўргазмалар тақдимоти тугагач, кун якунида Ислом цивилизацияси маркази илмий кенгаши таркиби ва Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланиши тадбирнинг муҳим воқеаларига айланди.